“Барселона” ва “Ювентус” Беньямин Шешко трансфери бўйича алоқага чиқди
“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Беньямин Шешко фаолиятини Европанинг бошқа топ-клубида давом эттириши мумкин. “Барселона” ва “Ювентус” 23 ёшли словениялик футболчининг 2027 йилдаги эҳтимолий трансфери бўйича дастлабки алоқаларни бошлаган. Бу ҳақда TuttoJuve нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, ҳозирча “Ювентус” Шешко учун курашда “Барселона”дан олдинда турибди, бироқ томонлардан ҳеч бири расмий таклиф юбормади. Трансфердаги асосий тўсиқ футболчининг нархи бўлиб, “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси учун 75 миллион евро талаб қилмоқда.
Шешко 2025 йил ёзида “РБ Лейпциг”дан “Манчестер Юнайтед”га 76,5 миллион евро эвазига кўчиб ўтган. Жорий мавсумда эса у асосий таркибдан мунтазам жой ололмаяпти, бу эса унинг келажаги борасидаги саволларни кучайтирмоқда.
Маълумот учун, Беньямин Шешко жорий мавсум барча турнирларда 6 та учрашувда 2 та гол урган. Премьер-лигадаги 4 та баҳснинг бирортасида ҳам асосий таркибда майдонга тушмаган.