«Барселона» ва «Ливерпул» Кенияда ўртоқлик учрашуви ўтказади
"Барселона" ва "Ливерпул" мавсумолди тайёргарлик доирасида Кения пойтахти Найробида ўртоқлик ўйини ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Sport.es хабар қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, 2026 йил июль ойида Каталония клуби Бирмингемга ўқув-машғулот йиғинига боришни режалаштирмоқда. Шундан сўнг кўк-анор ранглилар ё Марокашда маҳаллий жамоа билан ўйин ўтказади, ёки Кенияда мерсисайдликлар билан учрашади.
Бундан ташқари, мавсумолди тайёргарликнинг сўнгги босқичида “Барселона” Гампер Кубогини ташкил этади. Эслатиб ўтамиз, Жоан Гампер Кубоги — Каталония клуби томонидан ўтказиладиган ҳар йилги ўртоқлик турниридир. У биринчи марта 1966 йилда каталонияликлар президенти Энрике Льодет ташаббуси билан ўтказилган. Соврин “Барселона” асосчиси, афсонавий президент Жоан Гампер шарафига номланган.