«Барселона» ва «Атлетико» Ромерога қизиқиш билдирмоқда
Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби марказий ҳимоячиси ва жамоа сардори Кристиан Ромеро фаолиятини Испания чемпионатида давом эттириши мумкин. TEAMtalk нашри хабарига кўра, айни дамда «Барселона» ва Мадриднинг «Атлетико» клублари 27 ёшли аргентиналик футболчини ўз сафларига қўшиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Мазкур трансфернинг асосий сабаби сифатида футболчининг нияти кўрсатилмоқда: жаҳон чемпиони бўлган Ромеро мунтазам равишда Чемпионлар Лигасида ғолиблик учун курашадиган жамоада ўйнашни истамоқда ва шу мақсадда «шпорлар» лагерини тарк этишга тайёрлигини билдирди.
Бироқ, «Тоттенҳэм» ўз етакчисини осонгина қўйиб юбормоқчи эмас. Манбага кўра, лондонликлар Ромеронинг трансферини камида 70-80 миллион фунт стерлинг (тахминан 80-90 миллион евро) эвазига кўриб чиқишлари мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар имзоланган, бу эса «Тоттенҳэм»га музокараларда ўз шартларини қатъий қўйиш имконини беради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Кристиан Ромеро жорий мавсумда наfaқат ҳимоядаги ишончли ўйини, балки сермахсуллиги билан ҳам ҳаммани ҳайратда қолдирмоқда. У ҳозирга қадар барча турнирларда 27 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали ҳимоячининг бозор қийматини 60 миллион евро деб баҳоламоқда, аммо реал бозорда унинг нархи анча юқори бўлиши кутилмоқда.