«Барселона» ва «Арсенал» Юлиан Брандтга қизиқиш билдирмоқда — манба
Дортмунднинг «Боруссия» клуби яримҳимоячиси Юлиан Брандт ёзги трансфер ойнасида Европанинг етакчи клублари диққат марказида бўлиши кутилмоқда. Германиянинг Sky Sport нашри хабар беришича, футболчига «Арсенал» ва «Барселона» жамоалари жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Брандт ёзида эркин агент мақомини олади, бу эса унга янги жамоа танлашда катта эркинлик беради. Дортмундликлар сафида етти йил тўп сурган яримҳимоячи ўз фаолиятида янги босқичга чиқишни режалаштирмоқда. Футболчи ўз фаолиятини Испания, Италия ёки Англия чемпионатларида давом эттириш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Ҳозирги вақтда Брандт потенциал харидорлар билан аниқ музокаралар олиб бораётгани йўқ. Маълум бўлишича, қишки трансфер ойнаси давомида инглиз клубларидан икки бор таклиф тушганига қарамай, у мавсумни Дортмунд клуби сафида якунлашни маъқул кўрган.
Брандт жорий мавсумда «Боруссия» либосида барча мусобақаларда 32 та ўйин ўтказиб, 10 та гол уришга ҳамда 3 та голли узатмани амалга оширишга эришди. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 20 миллион евро деб баҳоламоқда.