«Барселона» Торрес билан шартномани узайтирса, «Манчестер Сити»га 8 млн евро тўлайди
«Барселона» ҳужумчиси Ферран Торрес билан шартномани узайтиришга қарор қилса, каталонияликлар «Манчестер Сити»га қўшимча равишда 8 миллион евро тўлашига тўғри келади.
Marca нашри журналисти Маттео Мореттонинг маълум қилишича, бундай шарт футболчининг 2022 йил январь ойида «Манчестер Сити»дан «Барселона»га ўтиш битимига киритилган.
Айни пайтда Торреснинг Каталония клуби билан амалдаги шартномасига яна бир йил қолган. Бироқ клуб бир неча ойдан буён унинг келишувини узайтириш борасида ҳеч қандай амалий қадам ташламаган. Шу боис испаниялик ҳужумчи ўзини клубнинг устувор режаларига кирмайди, деб ҳисобламоқда.
Манбага кўра, Торрес янги шартнома имзоламасдан ҳам келаси мавсумни «Барселона»да ўтказиши мумкин. Бироқ «ПСЖ»нинг қизиқиши вазиятни тубдан ўзгартириши эҳтимолдан холи эмас.