«Барселона» Шесни билан шартномани бекор қилмоқчи
Польшалик кипернинг клуб билан битими 2027 йил ёзида якунига етади.
ФОТО: Getty images
Испаниянинг “Барселона” жамоаси раҳбарияти клуб дарвозабони Войцех Шесни билан шартномани бекор қилмоқчи. Бу ҳақда Sport нашри хабар берди.
Манбага кўра, томонлар 2025 йил ёзида шартномани янгилаш жараёнида футболчига тахминан 2 миллион евро тўлаш эвазига уни бекор қилиш имкониятини келишиб олган.
Маълумотларга кўра, 2 миллион евро польшалик футболчининг 2027 йил ёзигача амал қиладиган меҳнат шартномаси бўйича олиши керак бўлган маошдан камроқ.
Маълумот учун, польшалик посбон 2024 йил октябрь ойидан бери “Барселона” сафида ўйнаб келмоқда. Шесни жорий мавсум барча мусобақаларда 9 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ўтказиб юборган. Transfermarkt маълумотларига кўра, Шесни бозор қиймати 900 минг еврони ташкил қилади.
Розикжон Султонмуродов
Журналист