«Барселона» Решфорд учун 30 млн евро тўламоқчи эмас — манба
“Барселона” клуби “Манчестер Юнайтед”дан ижарага олинган Маркус Рэшфордни жамоада сақлаб қолиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда инсайдер Бен Жейкобс хабар берди.
Қайд этилишича, январь ойида клублар ўртасида учрашув бўлиб ўтган ва унда англиялик футболчининг келажаги муҳокама қилинган.
Манбага кўра, “Барселона” шартномада кўрсатилган 30 миллион евролик сотиб олиш бандини фаоллаштиришни истамаяпти. Бунинг ўрнига каталонияликлар “Манчестер Юнайтед”га камроқ сумма таклиф қилган.
Рэшфорднинг ўзи ҳам “Камп Ноу”да қолишни хоҳламоқда. “Барселона” раҳбарияти эса уни жамоада сақлаб қолиш ниятида. Томонлар ўртасидаги музокаралар мавсум охирига яқин яна давом этиши кутилмоқда. Футболчининг каталонияликлар билан шартномаси 2026-йилнинг ёзида якунланади.
Маълумот учун, Маркус “кўк-анорранглилар” таркибида ҳозирга қадар жами 27 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 11 та голли узатма ёздириб қўйган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.