“Барселона” Рафинья билан янги шартнома борасида музокара бошлади
“Барселона” бразилиялик вингер Рафинья билан ҳамкорликни узайтириш устида ишламоқда. Клуб спорт директори Деку футболчи билан шахсан суҳбатлашиб, янги шартнома масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда SPORT нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Рафиньянинг “Барселона” билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган. Шунга қарамай, каталонияликлар жамоанинг муҳим футболчиларидан бирига айланган бразилиялик билан келишувни олдиндан узайтириб қўйишни истамоқда.
29 ёшли вингер янги мавсумни ҳам юқори савияда бошлади. У Ла Лигадаги дастлабки беш учрашувда 6 та гол ва 3 та голли узатма қайд этиб, “Барселона” ҳужум чизиғининг энг самарали футболчиларидан бири бўлиб турибди.
Маълумот учун, Рафинья “Барселона” сафида сўнгги мавсумларда асосий таркибнинг муҳим футболчиларидан бирига айланди. Ҳозирча янги шартноманинг муддати ва молиявий шартлари борасида аниқ маълумот берилмаган.