«Барселона» молиявий муаммоларга қарамасдан Канселу билан шартнома имзолаш йўлини топди
«Барселона» клуби Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» жамоасидан ижара асосида олинган ҳимоячи Жоау Канселу билан тўлиқ шартнома имзолашдан манфаатдор. Бироқ, «кўк-анорранглилар» футболчининг саудияликлар сафидаги юқори маошини инобатга олган ҳолда, унинг трансферини сотиб олишга қодир эмаслар. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
«Барселона»нинг режаси шундан иборатки, футболчи «Ал Ҳилол» билан амалдаги шартномасини бекор қилиш бўйича келишиб олиши ва шундан сўнг каталонияликлар сафига эркин агент сифатида қўшилиши керак. Португалиялик футболчини яна қайтадан ижарага олиш имконияти мавжуд эмас, чунки унинг амалдаги клуби билан шартномаси тугашига атиги бир йил вақт қолган.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» Канселунинг «Ал Ҳилол»дан ижара асосида ўтганини жорий йилнинг январ ойида эълон қилган эди. Футболчи каталонияликлар сафида барча турнирлар доирасида 12 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 31 ёшли ҳимоячининг бозор қиймати 9 миллион еврони ташкил этади.