«Барселона» Маркус Рэшфорднинг ижарасини яна бир мавсумга узайтирмоқчи
Каталониянинг «Барселона» клуби келаётган ёзда 26 миллион фунт стерлинг (30 миллион евро) миқдоридаги тўлиқ маблағни тўламаслик учун «Манчестер Юнайтед»дан ҳужумчи Маркус Рэшфорднинг ижарасини яна бир мавсумга узайтиришни сўрайди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, «кўк-анорранглилар» раҳбарияти манкунианликлар ижарани узайтириш шартига розилик беришига ишонмоқда, бироқ бу келишувда футболчини сотиб олиш мажбурияти кўзда тутилади. Бунда «Барселона» белгиланган 30 миллион еврoнинг бир қисмини жорий мавсум якунида тўлаб беради. Режага кўра, Рэшфорд 2027 йилда «блауґрана» билан тўлақонли шартнома имзолайди.
Жорий мавсумда ҳужумчи барча турнирлар доирасида 38 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол ва 13 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 28 ёшли футболчининг бозор қиймати 40 миллион еврoни ташкил этади.