«Барселона» Маркус Рэшфорд трансфери бўйича келишувга эришди
Каталониянинг «Барселона» клуби «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Рэшфорд билан уч йиллик шартнома шартларини келишиб олди. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Англиялик ҳужумчи Ла Лиганинг молиявий фэйр-плей (FFP) қоидаларига мувофиқ келиш учун ўз маошининг сезиларли даражада камайтирилишига розилик берган. Таъкидланишича, трансфер режаси «Барселона» спорт директори Деку ҳамда футболчининг агенти ўртасидаги учрашувдан сўнг якуний босқичга келган.
Клублар ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи молиявий деталларни аниқлаштиришга қаратилган. «Барселона» футболчини шу ёзда ўз сафида кўриш учун шартномадаги 30 миллион евро миқдоридаги товон пулини фаоллаштирмоқчи. Каталонияликлар ушбу маблағни «Манчестер Юнайтед»га учта траншда (ҳар бири 10 миллион евродан) тўлашни режалаштирмоқда.
Маркус Рэшфорд жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 34 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 10 та гол ва 11 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.