«Барселона» Кристенсен билан шартномани 2028 йилгача узайтирди
Охирги икки мавсумда жароҳатлар туфайли у атиги 24 та ўйинда иштирок этди.
Фото: Barcelona
«Барселона» ўз расмий веб-сайтида ҳимоячи Андреас Кристенсен билан шартнома узайтирилганини эълон қилди. 30 ёшли даниялик футболчи билан янги келишув 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
«Ҳамон кўк-анорранг», — дейилади клубнинг ижтимоий тармоқлардаги хабарида.
Кристенсен 2022 йил ёзида Лондоннинг «Челси» клубидан кетгач, эркин агент сифатида «Барселона»га ўтган эди. Каталония клубида тўрт мавсум давомида ҳимоячи жами 98 та ўйин ўтказиб, бешта гол урди ва учта голли пас узатди. Охирги икки мавсумда жароҳатлар туфайли у атиги 24 та ўйинда иштирок этди.
Амалдаги шартнома 2026 йилда тугаётган эди, энди келишув яна икки мавсумга узайтирилди.