«Барселона» футболчилари ўтган мавсумдаги асосий тамойилларга қайтишни исташмоқда
«Барселона» бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг жамоа аъзолари билан узоқ давом этган суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, футболчиларнинг умумий хулосалари немис мутахассисининг фикрлари билан бир жойдан чиқди. Томонлар ўтган мавсумда мукаммал ишлаган баъзи тактик ғоялар жорий мавсумда амалга ошириш учун анча қийинлашганини тан олишди.
Флик ва мураббийлар штаби футболчиларнинг фикрларидан мамнун бўлишди. Ўйинчилар ўтган мавсумдаги асосий тамойилларга қайтишга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, сўнгги баҳсларда жамоанинг энг асосий қуроли — юқори ва интенсив прессингдан бироз чекинганликлари хатолик бўлганини тасдиқлашди.
Ушбу «очиқчасига мулоқот» жамоа ичидаги муҳитни соғломлаштириш ва ғалабали серияга қайтиш учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.