“Барселона” Ферран Торресни ПСЖга сотишга тайёр
“Барселона” ҳужумчи Ферран Торресни ёзги трансфер ойнасида сотишга тайёр. Sport.es маълумотига кўра, 26 ёшли футболчига Франциянинг ПСЖ клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Торреснинг ўзи ҳам Каталония клубини тарк этишга қарор қилган ва парижликлар билан тўрт йиллик шартнома бўйича келишувга эришган.
Эндиликда асосий масала икки клуб ўртасидаги трансфер суммаcини келишиб олиш бўлиб турибди. “Барселона” Ферран Торрес учун 65 миллион евро олишни истамоқда. ПСЖ эса бу суммани юқори деб ҳисоблаб, трансфернинг умумий қийматини бонуслар билан бирга тахминан 55 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, “Барселона” музокараларда маълум даражада ён беришга тайёр экани айтилмоқда. Бу эса томонларнинг яқин кунларда келишувга эришиш эҳтимолини оширади. Ҳозирча ПСЖ ва Каталония клуби ўртасида якуний келишув имзоланмаган.
Манбага кўра, Торрес ўз келажагини 13-августгача ҳал қилишни истамоқда. Айнан шу куни у “Барселона” қароргоҳига қайтиши керак. Агар клублар шу вақтгача келишувга эришса, испаниялик ҳужумчи Францияга йўл олиб, ПСЖ учун тиббий кўрикдан ўтиши мумкин.