“Барселона” Доминик Ливакович трансферини расман эълон қилди
Ливакович “Барселона” билан 2030-йилнинг 30-июнига қадар амал қиладиган тўрт йиллик шартнома имзолади.
Фото: Getty Images
“Барселона” Хорватия терма жамоаси дарвозабони Доминик Ливаковични ўз сафига қўшиб олганини расман эълон қилди. Каталония клуби 31 ёшли футболчининг трансфери бўйича “Фенербахче” билан келишувга эришган.
Ливакович “Барселона” билан 2030-йилнинг 30-июнига қадар амал қиладиган тўрт йиллик шартнома имзолади. Хабарларга кўра, “Фенербахче” трансфер учун бонуслар билан бирга 4 миллион еврогача маблағ олиши мумкин.
Хорватиялик дарвозабон ўтган мавсумда 19 та учрашувда майдонга тушиб, 18 та гол ўтказиб юборган. У саккизта баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Маълумот учун, Ливакович Хорватия терма жамоаси сафида катта тажрибага эга бўлиб, 2022-йилги Жаҳон чемпионатида жамоасининг бронза медалини қўлга киритишида муҳим роль ўйнаган.
Насрулло Каримов
Журналист