“Барселона” даъвосидан сўнг Флорентино Перес судга чақирилди
“Реал Мадрид” президенти Флорентино Перес “Барселона” томонидан берилган туҳмат ҳақидаги даъво ортынан Мадрид судига чақирилди. Томонлар 25 ноябрь куни судда ярашув жараёнида иштирок этади. Бу ҳақда суд манбаларига таяниб EFE агентлиги хабар бермоқда.
Манбага кўра, ярашув мажлиси 25 ноябрь куни соат 09:40 да Мадрид судининг 1 ва 2-сонли мажлислар залида ўтказилади. Ушбу жараён “Барселона” томонидан Флорентино Пересга нисбатан эҳтимолий туҳмат жинояти бўйича жиноий шикоят киритилишидан олдинги мажбурий босқич ҳисобланади.
Можаро Переснинг 12 май куни “Негрейра иши” ҳақида билдирган фикрларидан кейин юзага келган. “Барселона” раҳбариятининг фикрича, “Реал” президенти клубни коррупция ва ҳакамларга таъсир ўтказишда айблаб, унинг обрўсига путур етказган. Каталония клуби июнь ойида судга мурожаат қилиб, Пересдан ўз баёнотларини рад этишни талаб қилган. Агар ярашувга эришилмаса, клуб жиноий шикоят билан чиқишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, мазкур жараён “Негрейра иши”нинг ўзи бўйича суд ҳукми эмас. Гап айнан Флорентино Переснинг “Барселона” ҳақидаги оммавий баёнотлари юзасидан келиб чиққан алоҳида ҳуқуқий низода кетмоқда. Ярашув босқичида томонлар келишувга эришмаса, масала кейинчалик жиноий тартибда давом эттирилиши мумкин.