«Барселона» Ҳанси Флик билан шартномани 18-май куни узайтиради — манба
Томонлар ўртасида тузилган амалдаги келишув 2027 йилда якунига етади.
ФОТО: Getty Images
«Барселона» клуби душанба куни, яъни 18 май санаcида бош мураббий Ханс-Дитер Флик билан шартнома узайтирилганини расман эълон қилади. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Янги келишувга кўра, мутахассис жамоада 2028 йилнинг ёзига қадар қолади ва шартномани яна бир мавсумга узайтириш имкониятига эга бўлади. Мураббийнинг амалдаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган эди.
Эътиборлиси, «Барселона» муддатидан олдин Испания чемпионлигини қўлга киритди. Ҳозирда клуб 91 очко билан Ла Лига жадвалида пешқадамлик қилмоқда; иккинчи ўриндаги Мадриднинг «Реал» клуби ҳисобида 77 очко мавжуд. Чемпионат якунланишига икки тур қолган бўлиб, «кўк-анорранглилар» қолган ўйинларни «Бетис» (17 май) ва «Валенсия» (23 май) жамоаларига қарши ўтказишади.
Насрулло Каримов
Журналист