Баҳром Ҳайдаров: ОКМКдек жамоани ютганимиз биз учун катта шараф
Суперлига 24-туридан ўрин олган ОКМК - "Қўқон-1912" (0:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- ОКМКдек жамоани ютганимиз биз учун катта шараф. Ўйиннинг бошида тезкор гол уриб кейин чуқур ҳимояга ўтдик ва бу бизга қўл келди. Қолган дақиқаларда ўз омадимизни қарши ҳужумларда синаб кўрдик. Рақиб сафида тўп билан яхши муомала қиладиган футболчилар кўп, лекин майдон ҳолати бугун панд берди деб ўйлайман. Шунинг учун ҳар икки жамоа ҳам тўпни ҳаволатиб ўйнай бошлади. Таркибимизда бўйдор футболчилар кўплиги бугун фойдамизга ишлади.
- "Қўқон-1912"нинг яхши спорт формасини нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
- Биз ҳар доим бир хил тайёргарлик кўрамиз. Ҳатто мағлубиятли серия пайтида ҳам шундай ҳозирлик кўрганмиз. Бирданига тўрт-беш нафар асосий футболчимиз йўқлиги, қолаверса молиявий муаммолар ҳам панд бериб қўйганди. Рақобатбардош жамоа йиға олмаганимиз ҳам кўп баҳсларда зараримизга ишлади. Ҳозир эса жамоамиз кучига куч қўшилди. Олмалиқ жамоасидан Каримов билан Дацини олдик, қолаверса Шоҳруҳ Ғадоев ҳам ўйинимизни кучайтирди. Кучли ўйинчиларни олишимиз натижасида жамоамиз ўйинида сифат ошди. Ғадоев голли тўп узатишларни амалга оширяпти, Даци билан Ҳайдаров голлар уряпти.
- "Қўқон-1912"нинг уй стадиони майдони анча яхши бўлиб қолган. Лекин ўзиингиз айтиб ўтган бироз ёмон майдонда бугун жамоангиз ғалаба қозонди.
- Бугунги учрашувда ҳимояланиш биз учун осон бўлди. ОКМК жарима майдончаси атрофида тўпни кўп ушлайди. Лекин ичига оширганда улар кўпроқ ҳаводан тўпни узатишни маъқул кўришди. Бу эса бизга қўл келди. Бугун майдон ҳам бизга ёрдам берди.
- Иккинчи даврада "Қўқон-1912" топ-10га киради деб айтиб ўтган эдингиз. Шу мақсад йўлида жамоа тўғри кетяптими?
- Суперлига якунида қайси ўринни олишимизни билмайман. Лекин мақсадимиз юқорига кўтарилиш. Чунки бу жамоамиздаги ҳамма учун муҳим. Футболчилар нархи ошади, жамоамиз обрўси кўтарилади. Биз плей-офф ўйинларидан қочиш учун ҳам юқорига ҳаракат қилишимиз керак. Агар шуни бажара олсак биринчи мавсум яхши ўтди десак бўлади.