Баҳрайн ва Саудия Арабистони Гран-прилари бекор қилиниши Формула-1'га 132 миллион доллар зарар келтириши мумкин
Formula-1 чемпионати тақвимида жиддий ўзгариш юз берди. BBC Sport нашрининг хабар беришича, апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган Баҳрайн ва Саудия Арабистони Гран-присини Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро сабабли бекор қилишга қарор қилинди.
Ушбу қарор хавфсизлик чораларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. АҚШ/Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик туфайли мусобақа ходимларининг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлиши мумкинлиги сабабли, ташкилотчилар пойгаларни ўтказишни имконсиз, деб топишди. Расмий баёнот жорий ҳафта якунига қадар эълон қилиниши кутилмоқда.
Formula-1 маъмурияти мазкур босқичлар ўрнига бошқа пойгаларни ташкил этмасликка қарор қилди, натижада 2026 йилги мавсум тақвими 22 та этапдан иборат бўлади. Баҳрайн ва Саудия Арабистони Гран-приси учун энг юқори бадал тўловларини амалга оширувчи давлатлардан бири ҳисобланади, шу боисдан турнир ташкилотчиларининг кўрадиган молиявий зарари 100 миллион фунт стерлингдан (тахминан 132 миллион АҚШ доллари) ошиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Портиман (Португалия), Имола (Италия) ва Истанбул (Туркия) пойга йўлаклари захира варианти сифатида кўриб чиқилган бўлса-да, ташкилий вақт етишмаслиги ва молиявий кафолатлар йўқлиги туфайли улардан воз кечилди. Ушбу бекор қилиндиган босқичлар натижасида Япония Гран-приси (29 март) ва Майами Гран-приси (3 май) ўртасида беш ҳафталик танаффус юзага келади.