«Байер» ҳимоячиси Европанинг топ-клублари эътиборига тушди
Германиянинг «Байер» жамоаси марказий ҳимоячиси Эдмон Тапсоба Европанинг бир қатор нуфузли клублари эътибор марказига тушди. Журналист Экрем Конурнинг маълумотига кўра, 27 ёшли футболчининг ҳаракатларини «ПСЖ», «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» клублари яқиндан кузатиб бормоқда.
Манбанинг таъкидлашича, Леверкузен клуби ўз етакчисини сотишга шошилаётгани йўқ. Бироқ «фармацевтлар» манфаатли таклиф тушган тақдирда футболчи билан хайрлашишга тайёр.
Хабарларга кўра, «Байер» Тапсобанинг трансферини 50–60 миллион евронг атрофида баҳоламоқда.
Маълумот учун, Буркина-Фасо терма жамоаси аъзосининг Леверкузен клуби билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда ҳимоячи барча турнирларда жами 28 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 4 та гол ва 2 та самарали узатма ёздириб қўйди. Transfermarkt портали айни дамда футболчининг бозор қийматини 35 миллион евродан баҳоламоқда.