Азиз Холмуродов билан шартнома узайтирилди
ОКМК ФК жамоаси таркиб барқарорлигини таъминлаш ва келажак пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги стратегик қадамни ташлади. Жамоамизнинг иқтидорли ва ҳужумкор ярим ҳимоячиси, ўзининг креатив ўйини билан мухлислар меҳрини қозонишга улгурган Азиз Холмуродов билан амалдаги шартнома муддати узайтирилди.
Клуб раҳбарияти ва футболчи ўртасидаги янги келишув 4 йиллик муддатни ўз ичига олади. Бу дегани, 22 ёшли истеъдодли ижрочимиз 2029 йилнинг якунига қадар «кончилар» шарафини ҳимоя қилади ва жамоамиз муваффақиятларига ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.
Азиз Холмуродовнинг майдондаги профессионаллиги ва клубга бўлган садоқати биз учун қадрли. Унинг тажрибаси жамоамизнинг олдига қўйилган юксак мақсадларга эришишда, айниқса, ҳужум чизиғида ўз сўзини айтишида шубҳасиз катта аҳамият касб этади.