Аёллар футболида иккинчи ҳаёт мавзусида семинар ташкил этилди
Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов иштирок этиб, Аёллар футболини ривожлантириш стратегияси ҳамда футболчи қизлар учун имкониятларни кенгайтириш ютуқларимиз ва олдинда қилиниши керак бўлган ишларга тўхталди.
"Аёллар футболида илгари аёл мутахассислар жуда кам эди. Бугунги кунда эса бу йўналишда янги имкониятлар яратилаётгани — махсус дастурлар йўлга қўйдик, эшиклар кенг очилди. Эндиликда футболчи қизлар турли йўналишларда мутахассис сифатида фаолият юритиш имконига эга.
Миллий футбол маркази қурилди, давлатимиз томонидан футболга катта эътибор қаратилмоқда. Аёллар терма жамоамиз билан Жаҳон чемпионатига чиқишимизга бир қадам қолди — бу меҳнатлар, албатта, ўз самарасини беради.
Ҳакамлик ва мураббийлик йўналишларида ҳам сезиларли ўсишга эришилди, вакилларимиз халқаро майдонда фаол иштирок этмоқда. Яқин кунларда аёллар учун Республика футбол академияси ташкил этилиши режалаштирилган”, — деди Равшан Ирматов.
Семинар давомида WORKSHOP стратегияси доирасида иштирокчилар мураббийлик фаолияти, ҳакамлик, маъмурий ишлар, таҳлил, шунингдек аёллар футболида медиа ва коммуникациялар йўналишлари бўйича муҳим маълумотларга эга бўлдилар.