‘‘Аякс’’га қарши ўйиндан кейин катта можаро юз берди — мухлислар ҳибсга олинди
Хорватиянинг ‘‘Хайдук Сплит’’ ва Нидерландиянинг ‘‘Аякс’’ клублари ўртасидаги учрашув атрофида жиддий можаро юзага келди. Хорватия клуби мухлисларининг яҳудийларга қарши ҳақоратли ҳайқириқлари ва нацизмни тарғиб қилувчи ҳаракатлари мамлакатда кескин норозиликка сабаб бўлди. Полиция ҳодисага алоқадор камида 12 нафар мухлисни ҳибсга олди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Манбага кўра, 15-октябрь куни Конференциялар лигаси доирасидаги учрашув олдидан минглаб ‘‘Хайдук’’ мухлислари Сплит шаҳри кўчаларида юриш ташкил қилган. ‘‘Торсида’’ номи билан танилган мухлислар гуруҳи юриш давомида яҳудийларни ҳақорат қилувчи шиорлар айтган ва нацистлар етакчиси Адольф Гитлерни улуғлаган. Шунингдек, улар ‘‘Аякс’’ номи ёзилган тобут макети ўрнатилган автомобиль ортидан ҳаракатланган. Мазкур ҳолатлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Воқеага Хорватия президенти Зоран Миланович ва мамлакат ҳукумати ҳам муносабат билдирди. Президент бундай ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаб, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўришга чақирди. Хорватия футбол федерацияси ҳам антисемитизм ва нацизмни тарғиб қилиш спорт қадриятларига зид эканини билдириб, ҳодисани кескин қоралади. ‘‘Хайдук’’ раҳбарияти эса мухлисларнинг хатти-ҳаракатлари учун ‘‘Аякс’’ ва УЕФА вакилларидан узр сўради. Клуб мазкур воқеалар сабаб интизомий жазога тортилиши мумкин.
Маълумот учун, 15-октябрь куни ‘‘Полюд’’ стадионида ўтказилган учрашув ‘‘Хайдук’’нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Баҳс давомида мухлислар майдонга пиротехника воситалари ва бошқа буюмларни улоқтиргани сабаб ўйин 12 дақиқага тўхтатилган. Учрашувни 31 мингдан ортиқ томошабин стадиондан кузатган. Хорватия полицияси ҳодисага алоқадор бошқа шахсларни ҳам аниқлаш бўйича тергов ишларини давом эттирмоқда.