Австрия Ральф Рангник билан шартномани узайтирмоқчи
Томонлар ўртасида тузилган амалдаги келишув ЖЧ-2026'дан сўнг якунга етади.
ФОТО: Getty Images
Австрия футбол иттифоқи миллий терма жамоа бош мураббийи Ральф Рангник билан ҳамкорликни давом эттириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, томонлар ўртасидаги музокаралар ижобий руҳда ўтмоқда. Мутахассиснинг амалдаги меҳнат шартномаси ЖЧ-2026 якунга қадар амал қилади. Ҳозирда гап Евро-2028 якунга қадар мўлжалланган янги келишув ҳақида бормоқда. Янги шартнома бўйича мураббийнинг йиллик маоши солиқлар чегириб ташланишидан олдин 2 миллион евроғача етиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бўлажак дунё биринчилигининг гуруҳ босқичида Австрия терма жамоаси Аргентина, Жазоир ва Иордания жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Насрулло Каримов
Журналист