\"Атлетико\" Жейдон Санчога қизиқиш билдирмоқда
Мадриднинг "Атлетико" клуби ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Жейдон Санчо вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Германиянинг BILD нашри хабар берди.
Манбага кўра, "матрасчилар" ҳозирча инглиз футболчисини трансфер қилиш бўйича расмий музокараларни бошламаган. Бироқ клуб раҳбарияти эркин агент мақомидаги Санчо билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатмоқда.
26 ёшли қанот ҳужумчиси фаолиятини давом эттириш учун бир нечта вариантларни кўриб чиқмоқда. Хабарларга кўра, унинг устувор мақсади Дортмунднинг "Боруссия"сига қайтиш бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, агар молиявий шартлар мос келса, "Атлетико" таклифини ҳам рад этмайди.
Қайд этилишича, Мадрид клуби учун асосий тўсиқлардан бири футболчининг юқори маоши ҳисобланади. Шу сабабли эҳтимолий трансфер Санчо ўзининг молиявий талабларини камайтирган тақдирдагина амалга ошиши мумкин.