«Атлетико» «ПСЖ» ҳужумчисини нишонга олди
Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчи Хулиан Алварес жамоани тарк этиши эҳтимолини инобатга олиб, янги форвард излашга киришди. Ҳозирда «матрасчилар» эътиборини «Пари Сен-Жермен» ҳужумчиси Гонсалу Рамушга қаратган. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, мадридликлар 24 ёшли португалиялик футболчини яқин ёзги трансферлар ойнаси учун асосий номзодлардан бири сифатида белгилаб қўйган.
Жорий мавсумда Рамуш «ПСЖ» сафида барча мусобақаларда 28 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол ва битта голли узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 35 млн евро деб баҳоламоқда.
Гонсалу Рамуш 2024 йилда «Бенфика»дан «ПСЖ»га 65 млн евро эвазига кўчиб ўтганди. Унинг Париж клуби билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган.