“Атлетико” Моуриньюнинг ҳакамлик ҳақидаги танқидларига кескин жавоб қайтарди
“Реал Мадрид” бош мураббийи Жозе Моуриньюнинг Мадрид дербисидан кейин ҳакамлик бўйича билдирган эътирозлари “Атлетико” томонининг норозилигига сабаб бўлди. Португалиялик мутахассис матбуот анжуманига баҳсли деб ҳисоблаган икки вазиятнинг суратлари билан чиққанидан сўнг, “Атлетико” вакиллари ҳакамларга нисбатан босимни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Marca нашрига таяниб хабар берилмоқда.
“Атлетико” вакилларининг фикрича, ҳакамларни мунтазам равишда омма олдида танқид қилиш Испания футболидаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Клуб томони “кесиб ўтиб бўлмайдиган қизил чизиқлар борлиги”ни таъкидлаб, бундай босим давом этса, ҳакамларнинг кейинги учрашувлардаги қарорларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтган.
Мадридликлар вазиятга киноя билан ҳам муносабат билдирди. “Реал Мадрид” фойдасига йўл қўйилган ҳакамлик хатоларининг барчасини қоғозга чиқаришни ўйладик, аммо унда ўрмонлар тугаб қоларди. Экологияни асраш учун бундай қила олмаймиз”, — дея “Атлетико” вакилларининг сўзлари келтирилган.
Маълумот учун, Ла Лиганинг сўнгги Мадрид дербисида “Атлетико” ўз майдонида “Реал Мадрид”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан кейин Моуринью бош ҳакамнинг айрим қарорларини танқид қилиб, икки баҳсли эпизод тасвирини матбуот анжуманида намойиш қилган эди.