«Атлетико» Чемпионлар Лигасида клуб рекордини янгилади
Мадриднинг «Атлетико» клуби УЕФА Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал дастлабки учрашувида Англиянинг «Тоттенхэм» жамоасини 5:2 ҳисобида мағлуб этиб, нуфузли евро кубок турниридаги ўз тарихий рекордини янгилади.
Opta Sport статистик портали маълумотларига кўра, «матрасчилар» ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси доирасидаги учрашувнинг биринчи бўлимида рақиб дарвозасига тўртта гол киритишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Мадрид клуби ушбу натижани плей-офф босқичида қайд этган Испаниянинг иккинчи жамоасига айланди.
Бунгача мазкур кўрсаткич фақат «Барселона» клуби томонидан 2009 йилда икки марта қайд этилган эди:
- 1/8 финал босқичида «Лион»га қарши учрашувда (якуний ҳисоб — 5:2);
- 1/4 финал босқичида «Бавария»га қарши баҳсда (якуний ҳисоб — 4:0).
Ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви жорий йилнинг 18 март, чоршанба куни Лондондаги «Тоттенхэм» стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.