«Атлетико» «Арсенал» устидан УЕФАга шикоят қилди
Лондон клуби маъмурияти машғулотдан сўнг «матрасчилар»ни иссиқ сув билан таъминлай олмаган.
ФОТО: Getty Images
Мадриднинг «Атлетико» клуби «Арсенал» устидан УЕФАга шикоят қилди. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, лондонликлар «матрасчилар»нинг «Эмирейтс» стадионидаги машғулотлардан сўнг футболчиларни иссиқ сув билан таъминлаб бера олмаган.
Қайд этилишича, испан жамоаси футболчилари машғулотдан кейин душ қабул қила олмаган. Клуб вакиллари бу ҳақда стадион ходимларига мурожаат қилган, бироқ уларнинг илтимоси эътиборсиз қолдирилган. Натижада футболчилар Лондондаги меҳмонхоналарига қайтишга мажбур бўлган.
Маълумот учун, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган «Арсенал» — «Атлетико» учрашуви бугун, 21 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 00:00 да старт олади.
Насрулло Каримов
Журналист