«Аталанта» бош мураббийи бўлиш учун асосий номзод маълум бўлди
Аввалроқ бергамоликлар Иван Юрични истеъфога чиқарганди.
ФОТО: Getty Images
Италиянинг «Аталанта» клуби бош мураббий Иван Юрич билан хайрлашганидан сўнг, жамоани бошқариш учун асосий номзодлардан бири сифатида Раффаэле Палладино кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Палладино ўтган мавсумда «Фиорентина» клубини бошқарган ва жамоа билан муваффақиятли натижаларга эришган эди. Бироқ у ёзда раҳбарият билан келишмовчиликлар сабаб клубни тарк этганди.
Қизиқарли жиҳати шундаки, Палладино ҳам, Юрич ҳам ўз вақтида Жан Пьеро Гасперини қўл остида «Женоа» сафида тўп суришган. Шунинг учун улар Гасперининг шогирдлари сифатида танилган.
Маълумот учун, «Аталанта» сўнгги 8 та ўйинда атиги 6 очко жамғаришди. Ҳозирда бергамоликлар А Серия турнир жадвалида 13 очко билан 13-ўринда бормоқда.
Насрулло Каримов
Журналист