“Астон Вилла” Ламаре Богарде билан шартномани узайтирмоқчи
“Астон Вилла” яримҳимоячиси Ламаре Богарде билан янги шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, Бирмингем клуби 22 ёшли футболчи учун янги таклиф тайёрламоқда.
Богардега ёзги трансфер ойнасида бир нечта АПЛ клублари қизиқиш билдирди. Хусусан, “Ипсвич” ва “Брайтон” футболчи бўйича таклиф билан чиққан, бироқ “Астон Вилла” уларнинг барчасини рад этган. Бош мураббий Унаи Эмери нидерландиялик яримҳимоячини жамоада сақлаб қолишни истаган.
Богарде марказий ва таянч яримҳимоячи сифатида ҳаракат қилиш билан бирга, ҳимоянинг бир нечта позициясида ҳам ўйнай олади. Клуб унинг ривожланишидан мамнун ва янги келишув орқали футболчининг келажагини узоқ муддатга “Вилла Парк” билан боғламоқчи.
Маълумот учун, Богарде 2020-йилда “Фейеноорд” академиясидан “Астон Вилла” тизимига келиб қўшилган. Ўтган мавсум у барча турнирларда 44 та учрашув ўтказди.