Асланов: «Бу кўр-кўрона ишониш дейилади»
Журналист Қаҳрамон Асланов Фабио Канавварони Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий сифатида тайинланишига ўз муносабатини билдирди.
“Менимча, ҳеч қачон мураббийлик қилмаган, кеча фаолиятини тугатган ким бор, Пепеми, Кроос ёки Марселоми, Жонни Эвансми, ким бўлсаям, агар шулардан бири Ўзбекистон терма жамоамизга тренер қилиб тайинланганда ҳам умид бўларди кичик - ким билсин, балки ғоялари бордир, билмаймиз-ку, футболчиликни тугатиб мураббийлик қилиб кетган ва муваффақият қозонган мисоллар кўп-ку, тўғрими?
Ҳатто Жалолиддин Машарипов бошқараркан, дейишсаям, нимадир бор балки, ўхшаб кетса, зўр бўларди, дейишга илинж бўларди, билмаймиз-ку, Жалолиддиннинг ҳам зўр салоҳияти бордир... Эрматов ўзини ўзи тайинлагандаям айтардим - истеъдодли одам, ҳакамликни эплаган, буниям уддалар...
Энг ёмони шундаки, Фабио Каннаваро кеча фаолиятини тугатмади, ўн беш йил бўлди. Шундан кейин биз мураббий Каннаваро ҳақида эшитмадик. Индзагини эшитдик, Гаттузони, Пирлони эшитдик, уни эшитмадик. Демак муваффақият қозонмаганки, ўйлаб юрганлари ўхшамаганки, шу пайтгача кўрмадик, эшитмадик. Бизда ўхшаб қолар, деб умид қилиш янада қийинмасми?
Ўн беш йил ўйлаб юрганлари бизда ўхшаб қолар ёки ўн беш йил ўтиб ўхшайдиганини бизда юриб ўйлаб қолар, шунақами?
Бу кўр-кўрона ишониш дейилади. Начора, кўр-кўрона умид қилиш ёзилганакан, кўр-кўрона умид қиламиз. Қанийди адашсам. Омад”, - деб ёзади Асланов ўзининг телеграмдаги каналида.