АҚШнинг 17 ёшли футболчиси MLS тарихида янги рекорд ўрнатди
«Филадельфия Юнион» клуби ярим ҳимоячиси Каван Салливан АҚШ футбол чемпионати тарихига кирди. 17 ёшли футболчи бир мавсум давомида гол ва голли узатмалар сони бўйича ўсмир футболчилар орасида янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда MLS расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, Салливан «Чикаго Файр»га қарши учрашувда голли узатма амалга ошириб, жорий мавсумдаги самарали ҳаракатлари сонини 21 тага етказган. Шу тариқа, у Диего Фагундесга тегишли аввалги рекордни янгилаган.
Ёш футболчининг муваффақиятли ўйинлари «Филадельфия»нинг натижаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жамоа кетма-кет саккизинчи ғалабасига эришиб, мағлубиятсиз сериясини 14 та учрашувга етказган. Салливан эса индивидуал рекордлардан кўра жамоанинг муваффақияти муҳимроқ эканини билдирган.
Маълумот учун, америкалик ярим ҳимоячи жорий MLS мавсумида 7 та гол уриб, 14 та голли узатмани амалга оширган. У 2026 йилда АҚШ миллий терма жамоаси сафида ҳам ўзини кўрсатишга улгурган. Футболчи Европанинг йирик клублари эътиборида турибди.