Қашқадарёда футзал байрами: “Қашқадарё кубоги-2026” юқори савияда ўтди
Мамлакатимизда спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш ҳамда оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати доирасида ҳудудларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қашқадарё вилоятида футзални оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида якунланган футзал бўйича “Қашқадарё кубоги-2026” мусобақаси бунинг яққол исботи бўлди. Вилоят ҳокимлиги, Спорт бошқармаси, вилоят футбол ассоциацияси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа вилоятнинг барча шаҳар ва туманларини қамраб олди.
Қувонарлиси, мусобақада жами 42 та жамоа иштирок этди. Бу эса Қашқадарёда футзалга бўлган қизиқиш ва эътибор тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Март ойида старт олган мусобақада жамоалар дастлаб гуруҳ босқичида беллашишди. Гуруҳларда пешқадам бўлган жамоалар кейинги босқичда олимпиада тизими асосида курашни давом эттиришди. Барча ҳудудлардан ташриф буюрган жамоаларнинг муросасиз рақобати, тезкор ва чиройли ўйинлари мухлисларга ҳақиқий футзал байрамини тақдим этди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Яккабоғ тумани ҳамда Жанубий-ғарбий махсус округ жамоалари майдонга чиқишди. Қизиқарли ва кескин руҳда ўтган учрашувда яккабоғлик футзалчилар 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг бронза медалларига сазовор бўлишди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи финал учрашувида вилоят Ички ишлар бошқармаси жамоаси ҳамда Чироқчи тумани футзалчилари ўзаро куч синашишди. Биринчи бўлимда чироқчиликлар икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, танаффусга устунлик билан йўл олишди.
Иккинчи таймда эса Ички ишлар бошқармаси жамоаси ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Асосий вақт дуранг натижа билан якунланганидан сўнг ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Омад бу гал Чироқчи тумани жамоасига кулиб боқди — улар 8:7 ҳисобида зафар қучиб, “Қашқадарё кубоги-2026” бош совринини қўлга киритишди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Энг муҳими, Қашқадарё вилоятида футзалнинг оммавийлиги ошиб бораётгани, аҳоли, айниқса ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқиш тобора кучайиб бораётгани қувонарли ҳолдир.