Қашқадарёда футбол мавсумига старт: Муборак ва Косон туманларидаги ҳолат таҳлил қилинди.
Қашқадарё вилояти футбол ассоциацияси ишчи гуруҳи томонидан жойларда футбол инфратузилмасини янги мавсумга тайёрлаш бўйича мониторинг ишлари давом этмоқда. Навбатдаги ўрганиш манзиллари вилоятнинг футбол анъаналарига бой Муборак ва Косон туманлари бўлди.
Ташриф давомида стадионларнинг техник ҳолати, хавфсизлик талаблари ва жамоаларнинг мусобақаларга тайёргарлик даражаси чуқур таҳлил қилинди.
Муборак туманидаги ўрганишлар кутилганидек юқори савияда ўтди. Ўзбек футболининг ўзига хос "академияси" саналган "Машъал" клуби ихтиёридаги “Баҳром Вафоев” номидаги марказий стадион ва машғулот майдонлари кўздан кечирилди. Майдон майсасининг агротехник ҳолати, прожекторлар тизими ҳамда футболчилар қароргоҳидаги шароитлар ўрганиб чиқилди.
Косон туманида ўтказилган мониторинг эса эътиборни қаратиш лозим бўлган қатор масалаларни юзага чиқарди. Туман марказий ўйингоҳида мухлислар учун қулайликларни ошириш, хусусан, трибуналар ва санитар-гигиеник шохобчаларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Косон футболидаги асосий вазифа сифатида туманда болалар-ўсмирлар футболини тизимли ривожлантириш ва Иккинчи лига баҳсларида туман шаънини муносиб ҳимоя қиладиган, маҳаллий ёшлардан иборат жамоани шакллантириш масаласи белгиланиб олинди.