АҚШ ЖЧ-2026да блогерларни депортация қилиши мумкин
2026-йилги Жаҳон чемпионати вақтида АҚШга B-2 (турист) визаси билан кирадиган хорижлик блогер ва контент яратувчилар учун муҳим огоҳлантириш берилди.
АҚШ Божхона ва Чегара ҳимояси хизмати маълум қилишича, турист визаси билан мамлакатга келиб контент яратиш, уни ижтимоий тармоқларга жойлаш ва ушбу фаолиятдан даромад олиш виза шартларини бузиш сифатида баҳоланиши мумкин. Бундай ҳолатларда жарима қўлланиши ёки шахснинг мамлакатдан депортация қилиниши эҳтимоли мавжуд.
Расмийларнинг таъкидлашича, агар ташрифнинг асосий мақсади инфлюенсер сифатида фаолият юритиш ва АҚШ ҳудудида туриб даромад топиш бўлса, бунинг учун тегишли ишчи ёки медиа визаси талаб этилади. B-2 визаси эса фақат саёҳат, дам олиш, спорт ва маданий тадбирларда томошабин сифатида қатнашиш каби мақсадлар учун берилади.
Жаҳон чемпионати давомида АҚШга минглаб блогерлар ташриф буюриши кутилмоқда. Шу сабабли миграция назорати одатдагидан ҳам кучайтирилиши мумкин.
Ҳозирча ушбу қоидаларни қўллаш тартиби ва назорат механизмлари бўйича батафсил маълумот берилмаган. Бироқ АҚШ расмийлари турист визаси билан тижорат мақсадаги контент фаолиятига жиддий ёндашишини очиқ билдирган.