Артём Потапов, Нодирхон Неъматхонов ва Шохмалик Комилов «Андижон»нинг янги футболчилари!
Артём Потапов, Нодирхон Неъматхонов ва Шохмалик Комилов “Андижон”нинг янги футболчилари!
"Ёзги селекцияда таркибни янада кучайтириш мақсадида трансфер ойнаси очилганидан унумли фойдаланган жамоамиз уч нафар футболчи билан расман келишувга эришди. Булар – дарвозабон Артём Потапов, ҳимоячи Нодирхон Неъматхонов ва ярим ҳимоячи Шохмалик Комилов.
Артём Потапов — 1994 йилнинг 28 июн куни Россиянинг Оренбург шаҳрида таваллуд топган. Амплуаси — дарвозабон. Фаолияти давомида Россиянинг “Акрон”, “Краснодар 2”, “УФА 2”, “Мордовия”, “Криля Советов”, “СКА Хабаровск”, Хорватиянинг “Луко”, Беларуснинг “Торпедо Минск”, “Минск”, Қозоғистоннинг “Қайсар”, Арманистоннинг “Алашкерт” ва “Арарат” клублари шарафини ҳимоя қилган. У 2023 йилда юртимизга келган ва шу вақтгача “Сурхон” ҳамда “Хоразм”да фаолият олиб борган. Жорий мавсумнинг дастлабки қисмида Артём термизликлар сафида 2 та ўйинда майдонга тушган. Фаолияти давомида эса 231 та ўйин ўтказган.
Нодирхон Неъматхонов — 2001 йилнинг 14 июн санасида Тошкентда таваллуд топган. Амплуаси — ҳимоячи. “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси. Бунга қадар у “Пахтакор” U21, ОКМК U21, “Шўртан”, “Нефтчи” ва “Сурхон” жамоаларида тўп тепган. Неъматхонов мавсумнинг дастлабки қисмида термизликлар таркибида 11 та учрашувда майдонга тушди. Фаолияти давомида 80 та ўйинда иштирок этган.
Шохмалик Комилов — 2000 йилнинг 14 март куни Қашқадарёда таваллуд топган. Амплуаси — ярим ҳимоячи. Шу кунга қадар “Насаф”, “Динамо”, “Турон”, “Бухоро”, “Мерани Мартвили” (Грузия) ва “Навбаҳор” клубларида фаолият олиб борган. Жорий йилги мавсумнинг дастлабки қисмида наманганликлар сафида 11 та учрашувда майдонга тушди ва 2 та гол муаллифи ҳамда 1 та ассист қайд этди. Фаолияти мобайнида 134 та ўйинда қатнашган, 17 та гол урган.
Ишонамизки, ушбу футболчилар жамоамизнинг янги ғалабаларига муносиб ҳисса қўшган ҳолда мухлисларнинг ишончини оқлайди.
Жамоамизнинг аҳил оиласига хуш келибсизлар!", — деб ёзилади клуб расмий саҳифасида.