Артета: «Бу — футбол, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин»
«Арсенал» бош мураббийи Микел Артета Премьер-лиганинг 32-турида «Борнмут»дан қабул қилинган мағлубиятга (1:2) муносабат билдирди.
«Бу жуда катта ҳафсалопирлик ва юзимизга берилган кучли зарба бўлди. Энди ҳаммаси берадиган реакциямизнинг қандай бўлишига боғлиқ. Жамоамиз бежизга кетма-кет 11 ўйинда мағлуб бўлмай келаётган эди — йигитлар кўп нарсани тўғри бажаришди. Аммо бугун самарадорлик етишмади.
Рақибнинг жарима майдончамиздаги илк вазияти, рикошет ва ҳимоядаги хато гол билан якунланди. Бундай ҳолатдан сўнг ўзимизга келиб олишимиз керак.
Иккинчи бўлимда бошқача ўйин кутган эдим. Бугун кўп ғалати ишлар қилдик, ваҳоланки, одатда жуда барқарор ҳаракат қиламиз. Бу — футбол, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Футболчиларга жуда оғир, шундай бўлиши ҳам керак. Улар буни борича қабул қилиб, оёққа туришлари ва яна жангга киришишлари лозим, акс ҳолда курашдан чиқиб кетасан. Олдинда бизни муҳим ҳафта кутмоқда, кўп нарса гаровда турибди. Биз ҳали ҳам иккала турнирда яхши ҳолатдамиз», — дея Артетанинг сўзларини келтирмоқда BBC.
Бугунги ҳолатга кўра, «Арсенал» 70 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Борнмут» эса 45 очко жамлаган ҳолда 9-поғонага кўтарилиб олди.
Навбатдаги турда «канонирлар» 19 апрел куни сафарда «Манчестер Сити» меҳмони бўлишади. «Борнмут» ҳам 18 апрелда сафарда «Ньюкасл»га қарши баҳс олиб боради.