Артета «Арсенал» машғулотларига янгилик киритди
Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Микел Артета жамоанинг машғулотлар жараёнига ғайриоддий усулларни жорий этишда давом этмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларда клубнинг Лондондаги сўнгги машғулотларидан олинган қизиқарли сурат ва видеолар тарқалди.
Янги машқнинг моҳияти шундан иборатки, футболчилар бир қўлида бир нечта ручка ёки қаламни ушлаб турган ҳолда, оёқлари билан тўпни назорат қилишлари лозим. Футболчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда канцелярия буюмларини биргаликда ушлаб туришди ва шу билан бирга тўпни аввал оёқда, кейин эса бош билан бошқаришди.
Мухлисларнинг тахминига кўра, ушбу машқ диққатни жамлаш ва тўп назоратини бир вақтнинг ўзида амалга ошириш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган.
Микел Артета машғулотларга креатив ёндашуви билан танилган. Аввалроқ у футболчиларнинг ҳушёрлигини ошириш учун профессионал чўнтакаскарларни жалб қилган, шунингдек, жамоадаги стресс даражасини пасайтириш мақсадида машғулотларга лабрадор зотли итни ҳам олиб келган эди.
Айни дамда «Арсенал» жамоаси Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида 31 турдан сўнг 71 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллаб турибди.