Қаршида «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги» вилоят босқичига старт берилди
Қарши шаҳрида ёшлар спортини ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мажлислар залида 7–11-синфларда таҳсил олаётган 14–18 ёшли ўқувчи-қизлар ўртасида илк бор ташкил этилаётган “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят спорт бошқармаси ҳамда Қашқадарё футбол федерацияси масъул ходимлари, ҳудудий студиялар вакиллари, жамоалар мураббийлари ва сардорлари иштирок этдилар.
Маросим давомида жамоалар ўртасида очиқ ва шаффоф тарзда қуръа ташланди. Натижаларга кўра, 16 та жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда чемпионлик учун кураш олиб боради. Ҳар бир учрашув қизғин, муросасиз ва юксак спорт руҳида ўтиши кутилмоқда.