‘‘Арсенал’’да 60 нафаргача ходим ишдан бўшатилади
Англиянинг ‘‘Арсенал’’ клуби харажатларни қисқартириш мақсадида 60 нафаргача ходимни ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. Лондон клуби раҳбарияти фаолият самарадорлигини ошириш ва молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида таркибий ўзгаришларни бошлаган. Бош мураббий Микел Артета эса ушбу қарорни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, қисқартиришлар клубнинг тижорат, маркетинг ва бошқа маъмурий бўлимларига тааллуқли бўлади. ‘‘Арсенал’’ бош директори Ричард Гарлик бу ҳақда ходимларни хабардор қилган. Бироқ эркаклар ва аёллар жамоаларининг мураббийлар штаби, академия, хавфсизлик хизмати ҳамда клубнинг ижтимоий лойиҳаларида фаолият юритувчи ходимлар қисқартиришга учрамайди. Мазкур қарор орқали клуб йилига 5–7 миллион фунт стерлинг миқдорида маблағ тежашни мақсад қилган.
Микел Артета матбуот анжуманида қарор клубнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси билан боғлиқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, раҳбарият мавжуд тузилмани қайта кўриб чиқиб, ходимларни тегишли лавозимларга жойлаштириш ва инвестицияларни давом эттириш орқали янги муваффақиятларга эришишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, мураббий кадрлар масаласи бўйича қарор қабул қилиш унинг ваколатига кирмаслигини билдирди. Бу ҳолат Артетанинг яқинда йилига 20 миллион фунт стерлинггача маош кўзда тутилган янги шартнома имзолагани фонида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Маълумот учун, ‘‘Арсенал’’да 871 нафар доимий ходим фаолият юритади ва режалаштирилган қисқартиришлар уларнинг қарийб 7 фоизига таъсир қилиши мумкин. Клубнинг 2024/25-йилги мавсумдаги даромади рекорд даражадаги 691 миллион фунт стерлингни ташкил этган. Шунга қарамай, жамоанинг операцион харажатлари ошиб боришда давом этмоқда. Артета эса яқинда ‘‘Арсенал’’ билан 2030-йилгача мўлжалланган янги шартнома имзолаган.