«Арсенал» Зоммерни захира дарвозабони сифатида кўриб чиқмоқда
«Арсенал» клуби «Интер»нинг собиқ дарвозабони Ян Зоммерни тажрибали ва нисбатан арзон вариант сифатида ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар берди.
Манбага кўра, 37 ёшли швейцариялик посбон ҳозирда эркин агент ҳисобланади. Унинг «Интер» билан шартномаси якунланган ва 30 июнь куни Милан клуби Зоммернинг жамоани тарк этганини расман эълон қилган.
Зоммер уч мавсум давомида «Интер» шарафини ҳимоя қилди ва шу вақт ичида жамоа билан тўртта соврин қўлга киритди.
Хабар қилинишича, айни пайтда футболчини қўлга киритиш пойгасида Бельгиянинг «Брюгге» клуби етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Нидерландиянинг «Аякс» клуби ҳам тажрибали дарвозабонга қизиқиш билдирмоқда.
Маълумотларга кўра, «Арсенал»нинг яна бир дарвозабони Кепа Аррисабалага Италия клубларининг қизиқиши ортидан жамоани тарк этишни хоҳламоқда. Шу сабабли лондонликлар Давид Райя учун ишончли захира вариантини излашни бошлаган.