«Арсенал» Жезусни сотмоқчи, унга Бразилиядан харидор бор
Лондонинг «Арсенал» клуби ҳужумчи Габриэл Жезус билан хайрлашишга тайёр. Бразилиялик футболчининг трансферига «Палмейрас» қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.
Манбага кўра, форвард мавсум охиригача Англия Премьер-лигасини тарк этишни истамаяпти ва ўзини кўрсатишга умид қилмоқда.
Аввалроқ, 2025 йил январ ойида Жезус тиззасининг хочсимон боғламларидан жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди. Шундан сўнг у АПЛнинг 19-турида «Астон Вилла»га қарши ўйинда (4:1) гол уриб, собиқ «Милан» яримҳимоячиси ва Бразилиянинг сўнгги «Олтин тўп» соҳиби Кака ижросини такрорлади. Жезус голни нишонлар экан, футболкасини ечди ва унинг остида «I belong to Jesus» («Мен Исоға тегишлиман») ёзуви туширилган оқ майка бор эди.
Жорий мавсумда Габриэл Жезус барча мусобақаларда «Арсенал» сафида тўққизта учрашувда майдонга тушиб, бир гол урди ва битта голли узатма амалга оширди. Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 20 миллион евро деб баҳоламоқда.