«Арсенал» ўз таркибини «Реал» ҳимоячиси ёрдамида кучайтирмоқчи
Лондоннинг «Арсенал» клуби Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳимоячиси Альваро Каррерасга қизиқиш билдираётгани маълум бўлди. Клуб аллақачон футболчининг вакиллари билан алоқага чиққан. «Канонирлар» бош мураббийи Микель Артета Каррерасга «Арсенал»нинг келгуси йиллардаги лойиҳасида асосий роллардан бирини ваъда қилган, деб хабар беради инсайдер Экрем Конур ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
23 ёшли испаниялик футболчининг «Реал» билан шартномаси 2031 йилгача амал қилади. «Арсенал» Каррерасга қизиқиш билдираётган ягона клуб эмас; унинг ҳаракатларини «Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ва «Наполи» ҳам кузатиб бормоқда. Европанинг етакчи клублари уни чап қанот ҳимояси муаммосини узоқ йилларга ҳал қила оладиган истиқболли актив сифатида кўрмоқда.
Жорий мавсумда Каррерас Мадрид клуби сафида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 60 миллион евроға баҳоламоқда.