«Арсенал» Винисиус трансферидан умидини узмоқда
Лондоннинг «Арсенал» клуби «Реал» вингери Винисиус Жуниорни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини жуда паст баҳоламоқда. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.
Аввалроқ «канонирлар» бразилиялик юлдузга жиддий қизиқиш билдираётгани, клуб уни ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсад сифатида кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, бош мураббий Микель Артета ҳам Винисиусни жамоага олиб келиш ғоясини қўллаб-қувватлаётгани айтилган.
«Арсенал» ичидаги манбалар клубнинг ушбу трансферни амалга ошириш имконияти жуда кам деб ҳисоблаётганини билдирган. Лондонликлар Винисиус яқин вақт ичида «Реал» билан 2027 йил 30 июнга қадар амал қиладиган шартномасини узайтиришини кутмоқда.
Ўтган мавсумда 25 ёшли ҳужумчи барча мусобақаларда 53 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол ва 14 та голли узатма муаллифи бўлди.
Transfermarkt портали маълумотига кўра, Винисиус Жуниорнинг бозор қиймати 140 миллион еврога баҳоланмоқда.