«Арсенал» ва «Тоттенҳэм» Гринвудга қизиқмоқда
«Арсенал» ва «Тоттенҳэм» «Марсель»нинг қанот ҳужумчиси Мэйсон Гринвудга қизиқиш билдирмоқда. Бу клублар 24 ёшли вингерни жорий ёзда сотиб олишлари мумкин. Бу ҳақда L'Équipe хабар бермоқда.
Манбага кўра, «Марсель» инглиз футболчисининг трансфер нархини 80 млн еврога баҳоламоқда.
Гринвуднинг собиқ клуби «Манчестер Юнайтед» футболчининг эҳтимолий сотувидан 40% олади. Шунингдек, вингерга «Рома» ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Ҳужумчи Франция жамоасида 2024 йилнинг ёзидан буён ўйнаб келмоқда. Ўтган мавсумда Гринвуд барча турнирларда 45 та ўйинда иштирок этиб, уларда 26 та гол урди ва 11 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2029 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt порталида тақдим этилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор нархи 55 млн еврони ташкил этади.