“Арсенал” ва “Ливерпул” Жошуа Кинг трансферига қизиқиш билдирмоқда
“Фулҳэм” ярим ҳимоячиси Жошуа Кинг Европанинг бир қатор етакчи клублари эътиборига тушди. 19 ёшли англиялик футболчига “Арсенал”, “Ливерпул” ва Дортмунднинг “Боруссия” клублари қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Фулҳэм” Кингни сотиш масаласини фақат катта таклиф тушган тақдирдагина кўриб чиқмоқчи. Лондон клуби ёш ярим ҳимоячисини тахминан 60 миллион еврога баҳоламоқда. Ҳозирча футболчи бўйича расмий таклиф юборилгани ҳақида маълумот йўқ.
Кинг “Фулҳэм” тизимида 2024-йилдан буён фаолият юритмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029-йилнинг 30-июнига қадар мўлжалланган. Ёш футболчи жорий мавсумда асосий таркибдаги ўрнини мустаҳкамлаб, Премьер-лигадаги барча беш учрашувни бошланғич таркибда бошлаган.
Маълумот учун, Жошуа Кинг 2026/27-йилги Премьер-лига мавсумида 5 та учрашувда 425 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, 2 та гол урган ва ҳозирча голли узатма қайд этмаган. У “Челси” ҳамда “Кристал Пэлас”га қарши учрашувларда гол урган. Барча мусобақаларни ҳисобга олганда эса Кинг жорий мавсумда 6 та ўйинда 2 та гол ва 1 та ассист қайд этган.