«Арсенал» ва «Челси» Игор Тягоға қизиқиш билдирмоқда
Лондоннинг «Челси» ва «Арсенал» клублари «Брентфорд» ҳужумчиси Игор Тягоға қизиқиш билдирмоқда. Журналист ва инсайдер Николо Скиранинг хабар беришича, бразилиялик форвард жорий мавсумда ўзининг сермаҳсул ўйини билан гранд жамоалар эътиборини тортган.
У барча мусобақаларда «асалари» сафида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 25 та гол уришга ва битта самарали узатмани амалга оширишга муваффақ бўлди.
Аввалроқ футболчига «Манчестер Юнайтед» томонидан ҳам қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. «Брентфорд» раҳбарияти агар трансфер суммаси 71 миллион фунт стерлингдан (81,6 миллион евро) ошса, футболчини сотиш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.
Игор Тяго «Брентфорд» сафига 2024 йилнинг июль ойида келиб қўшилган эди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2031 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, бу лондонликларга музокараларда ўз шартларини қўйиш имконини беради.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 24 ёшли ҳужумчининг айни пайтдаги бозор қиймати 50 миллион еврога тенг.