«Арсенал» сўнгги тўртта ўйинда учинчи бор мағлубиятга учради
Ҳозирда лондонликлар АПЛ турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
ФОТО: Getty Images
АПЛнинг 32-турида «Борнмут»дан қабул қилинган мағлубият (1:2) «Арсенал» учун барча мусобақалардаги сўнгги тўртта ўйиндаги учинчи бой берилган баҳс бўлди. Микел Артета шогирдлари мавсумнинг дастлабки 49 учрашувида ҳам айнан шунча марта мағлубиятга учраган эди. Бу ҳақда Opta Sports хабар бермоқда.
Лондон клуби «олча»ларга ютқазгунга қадар Англия Кубоги доирасида «Саутгемптон»га (1:2), Лига Кубоги финалида эса «Манчестер Сити»га (0:2) имкониятни бой берган эди.
Англия чемпионатининг 32-туридан сўнг «Арсенал» 70 очко жамлаган ҳолда турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи поғонадан жой олган «Манчестер Сити» эса 30 ўйинда 61 очко тўплаган. Навбатдаги турда, яъни 19 апрел куни «канонирлар» ва «шаҳарликлар» ўзаро баҳс олиб боришади.
Насрулло Каримов
Журналист