«Арсенал» «Порту» яримҳимоячиси учун 80 миллион евро тўлашга тайёр
«Арсенал» клуби «Порту» яримҳимоячиси Виктор Фроҳолдтнинг ҳаракатларини кузатиб бормоқда. «Канонирлар» уни келаётган ёзда жамоани тарк этишга яқин турган Кристиан Нёргорга ўринбосар сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, 20 ёшли футболчининг шартномасида 70 миллион фунт стерлинг (80 миллион евро) миқдорида товон пули кўрсатилган банд бор. Португалия жамоаси Фроҳолдтни сотишни истамаяпти. Яримҳимоячининг ўзи ҳам айни пайтда жамоадан кетишга интилаётгани йўқлиги «Порту» раҳбариятига умид бағишламоқда.
Жорий мавсумда Фроҳолдт барча турнирларда жами 51 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат келишуви 2030 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
Transfermarkt портали берган маълумотларга кўра, ўйинчининг айни пайтдаги бозор қиймати 30 миллион еврога тенг.